Қорақалпоғистон Республикаси учун янги субсидия жорий қилинди
12.09.2024 | 17:38
387
2024-2025 йилларда Қорақалпоғистон Республикасининг пахта, бошоқли дон ва шоли етиштирувчи субъектларига лазерли қурилмага эга ер текислагич агрегатлар билан ер текислаш харажатлари учун субсидияга ариза юбориш имконияти яратилди
Қорақалпоғистон Республикаси учун янги субсидия жорий қилинди

Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 24 июндаги 348-сон қарорига мувофиқ “Агросубсидия” АТда 2024-2025 йилларда Қорақалпоғистон Республикасининг пахта, бошоқли дон ва шоли етиштирувчи субъектларига лазерли қурилмага эга ер текислагич агрегатлар билан ер текислаш харажатлари учун субсидияга ариза юбориш имконияти яратилди.

Қарорга кўра дастлаб 2024 йилда Амударё, Тўрткўл ва Беруний туманларидаги лойиҳалар учун субсидиялар аратилади. 2025 йилда Қорақалпоғистон Республикасининг барча туманларидаги лойиҳалар учун субсидиялар ажратилади.

Субсидия учун аризалар дастлаб туман ишчи гуруҳи (Туман ҳокими – ишчи гуруҳ раҳбари, Туман ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари, туман қишлоқ хўжалиги бўлими бошлиғи, Туман иқтисодиёт ва молия бўлими бошлиғи, “Ўзагроинспекция”нинг туман бўлими раҳбари, Туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси, Туман “Сув етказиб бериш хизмати” давлат муассасаси бошлиғи, Туман прокурори, Туман ички ишлар бўлими бошлиғи) томонидан 4 иш кунида кўриб чиқилади, сўнг Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Сув хўжалиги вазирлиги ва Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши билан биргаликда аризаларни кўриб чиқиб субсидия ажратиш/ажртаишни рад этиш хулосаларини қабул қилади.

Субсидия ажратиш мақсадга мувофиқ деб топилган аризалар бўйича мувофиқ талабгорларнинг тижорат банкидаги ҳисобварағига субсидия маблағлари ўтказиб берилади.

Субсидия лазерли қурилмага эга ер текислагич агрегатлар билан текисланган ҳар бир гектар экин майдонига сарфланган ёнилғи-мойлаш материаллари харажатларининг 100 фоизини, бироқ 1 млн сўмдан ортиқ бўлмаган миқдорда қоплаб берилади.