Аграр соҳадаги лойиҳалар ва таълим сифатини яхшилаш
28.04.2022 | 19:23
884
Президент ҳузурида қишлоқ хўжалигида халқаро молия институтлари иштирокидаги лойиҳаларнинг бориши ҳамда таълим сифатини яхшилаш масалалари муҳокама қилинди
Аграр соҳадаги лойиҳалар ва таълим сифатини яхшилаш

Йиғилишда Қишлоқ хўжалиги вазирлигига йил якунига қадар 400 миллион долларлик лойиҳаларни бошлаш топширилди. Бугунги кунда 580 та янги лойиҳа ишлаб чиқилган бўлиб, кредитлар қисқа муддатга берилиши боис уларни амалга ошириш кечикмоқда. Шу муносабат билан:

- вазирликка лойиҳаларни ишга тушириб, лизинг асосида сотиш ваколати берилади.

- Боғдорчилик агентлигига 1 майга қадар 20 миллион доллар, натижага қараб, йил якунига қадар яна 45 миллион доллар ажратилади;

- бунинг ҳисобига жорий йилда 6 та вилоятда 1,8 минг гектарда интенсив боғ ва токзорлар барпо этилиб, тадбиркорларга камида 7 йил муддатга лизингга берилади.

- 1 майдан боғ ва токзорлар барпо этиш учун кредитлар тадбиркорларга камида 10 йил муддатга ажратилади;

- йил якунига қадар хусусий сектор билан бирга жами 115 минг тоннали 17 та кичик агрологистика марказини ишга туширилади. Улар “тайёр ҳолда” 5 йиллик имтиёзли давр билан камида 10 йилга лизинг асосида сотилади.

Шу билан бирга йиғилишда 2022 йилда Андижон, Жиззах, Наманган, Самарқанд, Фарғона ва Хоразм вилоятларида агрохизматлар марказлари ташкил этилиб, 100 дан ортиқ хизматлар йўлга қўйилиши лозимлиги кўрсатиб ўтилди. Шунингдек:

- қишлоқ хўжалигида маблағларни бошқариш ва мониторинг қилиш ахборот тизимини ишга тушириш;

- ерлар ва экинлар ҳисоби ҳамда мониторингини юритишни рақамлаштириш;

1 августга қадар 7 турдаги, 2023 йилда барча турдаги субсидия тўлашни электрон тизимга ўтказиш;

- сув баланси ва сарфи ҳисобини юритиш ҳамда ерларни тўғри суғориш ишларини масофавий мониторинг қилиш ахборот тизимини 1 декабргача Фарғона ва Самарқандда, 2023 йилда барча ҳудудларда жорий қилишга топшириқ берилди.

Президент янги Халқаро қишлоқ хўжалиги университети 2022-2023 ўқув йилидан ўз фаолиятини бошлаши зарурлигини қайд этди.

Биринчи ўқув йилида университетда 7 та мутахассислик бўйича 200 нафар талаба ўқитилади.