Қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Ходжаев ишчи гуруҳ билан Жиззахда
09.04.2022 | 16:08
1596
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Ходжаев ишчи гуруҳ билан Жиззах вилоятига ташриф буюрди
Қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Ходжаев ишчи гуруҳ билан Жиззахда

Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Ходжаев ишчи гуруҳ билан Жиззах вилоятига ташриф буюрди
Аввало вилоятда дала майдонларида картошка экиш жараёни кўздан кечирилди ҳамда ушбу экин уруғларининг сифати таҳлил қилинди. Ғаллаорол туманида Олтин бошоқ ЦИУ, Оқтом ЦИУ ҳудудидаги фермер хўжаликларида картошка ҳамда сариқ сабзи экиш ишлари билан танишилиб, экинлар агротехникаси бўйича ўтказилиши муҳим бўлган тадбирлар юзасидан тавсиялар ва кўрсатмалар берилди. Қолаверса, ушбу тумандаги “Музбел агрокластер” МЧЖда ток кўчатларини экиш жараёни ўрганилди.
Вазир Жамшид Ходжаев Зарбдор туманидаги “Кўхна сайқал” фермер хўжалигида 10 гектар майдонга экилган картошка даласида бўлиб, ишчилар чопиқ қилаётган жараёнда улар билан суҳбатлашди. Яратилган шарт-шароитлар ҳақида сўраб, картошка мамлакатимиз озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича олиб борилаётган ислоҳотларда муҳим маҳсулотлардан бири эканлигини таъкидлаб ўтди.
Ишчи гуруҳ вилоятнинг Шароф Рашидов туманига ўтар экан, диққатни соя экилган майдонларга қаратди. Хусусан, ушбу туманда Мирзо Улуғбек ЦИУ худудидаги “Ҳайрабодлик Азизжон” ва “Хайрабодлик Суннатулло” фермер хўжаликларининг очиқ майдон ҳамда ғўза қатор ораларига экилган соя далалари кўздан кечирилиб, ушбу экиннинг афзалликлари ҳамда фермер хўжалигига берадиган иқтисодий самараси тушинтирилди, сояни парваришлаш жараёни ҳақида тавсиялар берилди. Худди шундай соя майдонлари Зомин ва Зарбдор туманларида ҳам ўрганилди.