Қашқадарё вилоятида сув ресурсларини бошқариш
21.04.2022 | 20:32
1352
Қашқадарё вилоятида сув ресурсларини бошқариш жараёнларини автоматлаштириш бўйича синов лойиҳаси амалга оширилмоқда
Қашқадарё вилоятида сув ресурсларини бошқариш

Мазкур лойиҳа Австралиянинг "Rubicon water Pty. Ltd" компанияси томонидан сув ресурсларидан фойдаланишнинг автоматлашган тизимини жорий этишни назарда тутади. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Европа Иттифоқининг Бюджет кўмаги грант маблағлари ҳисобидан молиялаштирилмоқда, лойиҳанинг умумий қиймати 18,2 млрд сўм.

Бугунги кунда сув стресси рейтингида Ўзбекистон Республикаси 164 давлат ичида 25-ўринни эгалламоқда.

Ўзбекистонда бир йилда ўртача 50–60  км куб сув ресурслари сарфланиб, унинг 90 фоизи қишлоқ хўжалиги эҳтиёжи учун йўналтирилади.

Шу билан бирга, сўнгги тадқиқотларга кўра, 2030 йилга бориб Ўзбекистон аҳолиси 40 mln.ga етиши мумкин, шу сабабли сув ресурслари истеъмоли 10–12% га ошиши кутилмоқда.

Шунингдек, глобал иқлим ўзгаришлари прогнозига кўра, яқин 10 йил давомида Ўзбекистонда сув ресурсларининг умумий массаси 7–8 км кубга қисқариши мумкин, шу туфайли сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш масаласи тобора долзарб бўлиб бормоқда.

Ушбу шароитда қишлоқ хўжалигида сув ресурсларини бошқариш жараёнларини рақамлаштириш алоҳида ўрин эгаллайди.

Таъкидлаш жоиз, мазкур масалада Ўзбекистонда сувдан фойдаланишни рақамлаштириш бўйича кенг миқёсдаги ишлар амалга оширилмоқда. Бунга Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-5055-сонли “Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори яққол мисол.

Ушбу Қарорга мувофиқ ЎзР Сув хўжалиги вазирлигига Астралиянинг "Rubicon water Pty. Ltd" компанияси ечимлари асосида сув ресурсларини бошқариш жараёнларини автоматлаштириш бўйича синов лойиҳасини ишга тушириш топширилди.

Маълумот учун: "Rubicon water" компанияси– очиқ ирригация каналларини бошқаришни автоматлаштириш, гидротехник иншоотларни масофадан бошқариш ва мониторинг қилиш, каналдаги сувни аниқ ҳисоблаш, ирригация хўжаликларини бошқаришни рақамлаштириш, шунингдек, экин майдонларини автоматлаштирилган суғориш FarmConnect тизими бўйича ечимларни таклиф этувчи етакчи ишлаб чиқарувчилардан бири.

Бугунги кунга қадар "Rubicon water" компанияси томонидан дунёнинг 15 давлатида 30 мингдан ортиқ сув ресурсларини бошқариш жараёнларини автоматлаштириш қурилмалари ўрнатилган.

Мазкур қарордаги вазифаларни амалга ошириш мақсадида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Сув хўжалиги вазирлиги билан ҳамкорликда автоматлаштириш объекти сифатида Қашқадарё вилоятининг Қамаши-Миришкор канали танлади.

Нима учун биринчи объект сифатида айнан Қамаши-Миришкор канали танланди?

Қашқадарё вилоятида ушбу каналда сув танқислиги масаласи долзарб бўлиб турибди. Айнан ушбу қарор "Rubicon water" компанияси ечимларининг самарадорлиги ва афзаликларини максимал даражада кўрсатиб беради. Бундан ташқари, каналда насос станциялари каби бошқа механизмлар ҳам қўлланилади. Шу орқали "Rubicon water" компанияси  қурилмалар ва комплекс дастурий таъминот бўйича ўз ечимларини кенг қўллаш имконини кўрсатиб беради.

Лойиҳа доирасида каналнинг 13,2-километрли бўлагида жойлашган 25 та объектда гидроиншоотлар ва 3 та насос станцияларида гидроўлчагичлар ўрнатилади, 7 минг гектардан ортиқ суғориладиган ерлар қамраб олинади.

Лойиҳани амалга ошириш натижасида каналларни бошқариш, сув сарфини ҳисоблаш, канални масофадан бошқариш, каналдаги сув йўқотишларини қайд этиш ва унинг олдини олиш усулларини тўлиқ автоматлаштиришга эришилади.

Шунингдек, каналда сув ресурсларидан фойдаланишнинг умумий кўрсаткичи 70 фоизгача камайиши, суғориш учун сувдан фойдаланиш самарадорлиги 37 фоиздан 90 фоизга ошиши, сувдан оқилона фойдаланиш ҳисобига 3,8 миллиард сўм маблағ тежалиши кутилмоқда.

Ҳозирги кунда лойиҳани амалга ошириш доирасида каналга автоматлаштирилган шлюзлар ва бошқа гидротехника воситаларини ўрнатиш ва ишга тушириш бўйича ишлар якунланди.

Қамаши-Миришкор каналида сув ресурсларини бошқаришнинг комплекс автоматлаштирилган тизими тест режимида ишламоқда ва лойиҳанинг синов апробацияси бошланган.

Шунингдек, лойиҳа доирасида "Rubicon water" компанияси Касби тумани ирригация бошқармаси ходимларини қурилмалар ва автоматлаштирилган шлюзлардан фойдаланиш ҳамда уларга хизмат кўрсатиш бўйича ўқитмоқда.

Лойиҳани муваффақиятли апробация қилиш якунларига кўра, "Rubicon water" қурилмаларини Қашқадарё вилоятидаги Оби-ҳаёт ва Қарши магистраль каналларида ўрнатиш масаласи кўриб чиқилади.