«Агросубсидия» ягона ахборот тизими бўйича ўқитиш ишлари
11.04.2022 | 08:48
1687
«Агросубсидия» ягона ахборот тизими бўйича ҳудудларда ўқитиш ишлари бошланди
«Агросубсидия» ягона ахборот тизими бўйича ўқитиш ишлари

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги хузуридаги Агросаноатни рақамлаштириш маркази томонидан Хоразм вилоятининг Урганч, Хонқа, Қўшкўпир, Янгибозор, Хазорасп, Боғот ва бошқа туманларида «Агросубсидия» ахборот тизимидан фойдаланиш бўйича тренинглар ташкил этилди. Марказ томонидан ишлаб чиқилган мазкур тизим фермер ва деҳқон хўжаликларига давлат томонидан ажратиладиган субсидияларни ортиқча оворагарчиликсиз ва шаффофлик тамойиллари асосида олиш имкониятини яратади.

Энди қишлоқ хўжалиги маҳсулоти ишлаб чиқарувчилари сув тежовчи технологияларни жорий қилиш билан боғлиқ субсидияларни ваколатли давлат органларидан олиш учун аризаларни электрон тарзда agrosubsidiya.uz ягона ахборот тизими орқали юбориш имкониятига эга.

Тренингларда  қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари ҳамда субсидия ажратиш бўйича масъул ишчи гуруҳ вакиллари қатнашди. Тадбир доирасида  3 йиллик имтиёзли давр билан 10 йиллик муддатга лизинг шарти асосида йиллик 2,5 фоиз ставкада бериладиган «БАУЭР» (Австрия) замонавий ёмғирлатиб суғориш ускуналари тақдимоти ҳам бўлиб ўтди. Ушбу қурилмалар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 14 июлдаги 441-сон “Қишлоқ ҳўжалигида сувни тежайдиган замонавий технологияларни жорий этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида белгилан шартлар асосида тақдим этилади.

Ускуналар бўйича батафсил маълумот олиш учун телефонлар:

(+998) 71-206-72-19,

(+998) 90-966-71-55.

Таъкидлаш керакки, бундай семинар-тренинглар республикамизнинг барча ҳудудлари бўйлаб ўтказилиши режалаштирилган.

Маълумот учун: «Агросубсидия» ахборот тизими Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 1 мартдаги ПҚ-144-сон “Қишлоқ хўжалигида сувни тежайдиган технологияларни жорий этишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, сув тежовчи технологияларни жорий қилишдаги камчилик ва муаммоларни бартараф этиш, сув танқислигининг салбий таъсирини юмшатиш, шунингдек, қишлоқ хўжалиги экинларини етиштиришда сув ресурсларидан самарали фойдаланиш мақсадида ишлаб чиқилган.