Янги субсидия хизмати жорий қилинди
05.09.2022 | 11:16
1068
"Агросубсидия" ахборот тизимида янги субсидия хизмати жорий қилинди
Янги субсидия хизмати жорий қилинди

Эндиликда талабгорларга “Агросубсидия” ахборот тизими орқали Томоқа ер эгалари билан кооперация асосида иш ташкил этган тадбиркорлик субъектларига омборхоналарни жиҳозлаш, шунингдек, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қуритиш, саралаш, ва қадоқлаш ускуналарини харид қилиш харажатларининг бир қисмини қоплаш учун субсидияга ариза қолдириш имконияти яратилди.

Мазкур хизмат Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Томорқа хўжаликларида етиштирилган маҳсулотларни кафолатли харид қилиш тизимини молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш тўғрисида” 2022 йил 21 февралдаги 81-сон қарорига мувофиқ жорий қилинди.

Ушбу қарорга мувофиқ омборхоналарни жиҳозлаш, шунингдек, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қуритиш, саралаш ва қадоқлаш ускуналарини харид қилиш харажатларининг бир қисмига субсидия олиш учун тадбиркорлик субъектлари:

  • давлат рўйхатидан ўтказилганлик тўғрисидаги гувоҳномага эга бўлган;
  • томорқа ер эгалари билан кооперация асосида иш ташкил этган;
  • фаолиятини самарали амалга ошириш учун зарур бўлган эгалик ёки бошқа мулкий ҳуқуқ, шунингдек, ижара ҳуқуқи асосида техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига жавоб берадиган ишлаб чиқариш бино ва иншоотларига ҳамда зарур техник-технологик воситаларга эга бўлиши;
  • омборхоналарни жиҳозлаш, шунингдек, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қуритиш, саралаш ва қадоқлаш ускуналари талабгор томонидан манзилли рўйхатга киритиш учун ариза берилган санадан кейин харид қилинган;
  • омборхоналарни жиҳозлаш, шунингдек, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қуритиш, саралаш ва қадоқлаш ускуналарининг хариди бўйича тузилган шартномалар Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги «Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази» ДУК томонидан экспертизадан ўтказилган бўлиши лозим.

2022 — 2025 йилларда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан ажратилган маблағлар ҳисобидан Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳузуридаги Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан томорқа ер эгалари билан кооперация асосида иш ташкил этган тадбиркорлик субъектларига 4 та йўналиш бўйича, жумладан, омборхоналарни жиҳозлаш, шунингдек, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қуритиш, саралаш ва қадоқлаш ускуналарини харид қилиш харажатларининг 30 фоизи миқдорида, бироқ 150 млн сўмдан ортиқ бўлмаган миқдорда субсидия ажратилади.

Хизматдан фойдаланиш учун ҳавола: http://agrosubsidiya.uz/uz/service/view/43