Қудуқлар учун субсидия хизматлари такомиллаштирилди
15.11.2022 | 10:28
1531
Қудуқларни бурғулаш учун субсидия хизматлари норматив ҳужжатларга мувофиқлаштирилди
Қудуқлар учун субсидия хизматлари такомиллаштирилди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 12 октябрдаги “Сув таъминоти оғир бўлган ҳудудлардаги аҳоли томорқа ерлари ва деҳқон хўжаликларини сув билан кафолатли таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ПҚ-394-сон қарори ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 28 октябрдаги “Томорқада маҳсулот етиштиришни қўллаб-қувватлаш ва уни янада ривожлантириш учун қулай шароитлар яратилганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги 624-сон қарорига мувофиқ “Агросубсидия” ахборот тизимидаги Кичик ва катта ҳажмдаги қудуқларни бурғулаш учун субсидияга ариза юбориш хизматларига тегишли ўзгартиришлар киритилди. Жумладан, туман ишчи гуруҳи таркиби янгиланди, аризага бириктириладиган ҳужжатлар таркиби ўзгарди ва аризани кўриб чиқиш тартиби норматив ҳужжатларга мувофиқлаштирилди.

Шу билан бирга, “Дарёлар, каналлар ва бошқа сув объектларидан сув чиқариш воситаларини сотиб олиш ва ўрнатиш” учун субсидияга ариза юбориш имкони яратилди.

Субсидия маблағи қуйидаги тартибда шаклланади:

  • Сув таъминоти оғир ҳудудлардаги аҳоли томорқа ерини суғориш учун чуқурлиги 10 метрдан, Қорақалпоғистон Республикаси учун 5 метрдан ортиқ бўлган кичик ҳажмдаги ҳар бир вертикал суғориш қудуғини бурғулаш ва ишга тушириш билан боғлиқ харажатларнинг биринчи метридан бошлаб 100 фоизини, бироқ базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваридан (15 миллион сўмдан) ошмаган миқдорда;
  • Сув таъминоти оғир ҳудудлардаги камида 30 та аҳоли томорқа ерларини суғориш учун катта ҳажмдаги вертикал суғориш қудуқларини бурғулаш ва ишга тушириш билан боғлиқ харажатларнинг 100 фоизини, бироқ 150 миллион сўмдан ошмаган миқдорда;
  • Фуқароларга очиқ электрон танлов орқали деҳқон хўжалиги ташкил этиш учун 0,15 гектардан 2 гектаргача бўлган ўлчамларда 30 йилга ижарага берилган ва битта контурда ёки ёнма-ён иккита контурда жойлашган камида 30 та деҳқон хўжаликлари ерларини суғориш учун катта ҳажмли вертикал суғориш қудуқларини бурғулаш ва ишга тушириш билан боғлиқ харажатларнинг 100 фоизи, бироқ 150 миллион сўмдан ошмаган миқдорда;
  • Дарёлар, каналлар ва бошқа сув объектларидан сув чиқариш воситаларини сотиб олиш ва ўрнатиш билан боғлиқ харажатларнинг 100 фоизини, бироқ 150 миллион сўмдан ошмаган миқдорда шаклланади.

Субсидия хизматларидан қуйидаги ҳаволалар орқали фойдаланишингиз мумкин:

Кичик ҳажмдаги қудуқларни бурғулаш (томорқа ер эгалари учун) - http://agrosubsidiya.uz/uz/service/view/15

Катта ҳажмдаги қудуқларни бурғулаш (томорқа ер эгалари ва деҳқон хўжаликлари учун) - http://agrosubsidiya.uz/uz/service/view/16

Дарёлар, каналлар ва бошқа сув объектларидан сув чиқариш воситаларини сотиб олиш ва ўрнатиш - http://agrosubsidiya.uz/uz/service/view/47