Субсидиялаш жараёнларига ўзгартиришлар киритилди
03.08.2023 | 11:38
1762
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 2 августдаги ПҚ-257-сон қарори билан бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди
Субсидиялаш жараёнларига ўзгартиришлар киритилди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Қишлоқ хўжалиги соҳасига илғор рақамли технологияларни жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида" 2023 йил 2 августдаги ПҚ–257-сон қарори қабул қилинди. Қарорга кўра, 2023 йил 1 сентябрдан «Рақамли қишлоқ хўжалиги» ягона интеграцион платформаси таркибида «Агроплатформа» ахборот тизими жорий этилади. Шунингдек, мазкур қарор билан Президентнинг ва Ҳукуматнинг айрим қарорларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритилди. Жумладан, Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 23 февралдаги 95-сон қарорига қуйидаги ўзгартиришлар киритилди:

- Унга кўра, Давлат бюджетидан субсидия «Агро-субсидия» ЯАТ орқали «Томчи-реэстр» ЯEРдан ўтган ташкилотлар томонидан амалга оширилган лойиҳалар учун ажратилиш талаби бекор қилинди;

- сув тежовчи технологияларни жорий қилганлик учун талабгорларга субсидия ажратиш тўғрисидаги хулосаларни расмийлаштирувчу туман ишчи гуруҳи таркибидан "Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекциясининг туман бўлими бошлиғи" чиқариб ташланди. Эндиликда, туман ишчи гуруҳи қуйидаги таркибда шакллантирилди ва ишчи гуруҳ аъзолари қуйидагиларга масъул ҳисобланади:

туман ҳокими — ишчи гуруҳ томонидан талабгорларнинг субсидия ажратиш тўғрисидаги аризаларини ўз вақтида жойида тўлиқ ўрганилишига ва расмийлаштирилган ҳужжатларнинг ҳаққонийлигига;

туман ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари — дискрет суғориш технологияси жорий қилинган майдонларни лазер ускунали ер текислагичлар орқали сифатли текисланганлигига, субсидия ажратиш бўйича ҳужжатларни ўз вақтида расмийлаштириш ва уларни мувофиқлаштиришга;

туман қишлоқ хўжалиги бўлими бошлиғи — сувни тежайдиган суғориш технологияси жорий қилинган майдоннинг ўлчами, контур рақами ва экин турини аниқлашга;

туман ирригация бўлими бошлиғи — жорий қилинган технология тури ва унинг сифат кўрсаткичларини аниқлашга;

туман молия бўлим бошлиғи — субсидияларни мазкур низом талаблари асосида тўғри ҳисоб-китоб қилинганлигига;

хизмат кўрсатувчи тижорат банкининг туман филиали бошқарувчиси — талабгорларнинг тижорат банкидаги ҳисобварағи ва СТИР рақами тўғри киритилишига;

туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси — қурувчи — пудрат ташкилотлари билан тузиладиган шартномаларда фермер хўжаликлари ҳуқуқини ҳимоя қилишга.