Эндиликда “Агросубсидия” ахборот тизими орқали Озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларига:
- озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича янги ташкил этилаётган истиқболли лойиҳаларнинг техник-иқтисодий асосланишини тайёрлаш;
- озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича янги ташкил этилаётган истиқболли лойиҳаларнинг инфратузилмасини яратиш;
- озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш ва чуқур қайта ишлаш соҳасига хорижий экспертларни жалб қилиш билан боғлиқ ҳаражатларнинг бир қисмини қоплаш учун субсидияга ариза қолдириш имконияти яратилди.
Мазкур хизматлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 20 январдаги “Республикада озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларини янада қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги 37-сон қарорига мувофиқ жорий қилинди.
Бунда субсидиялаш жараёни ташаббускорларнинг лойиҳалари бўйича 2020 йил 10 сентябрдан сўнг амалга оширган тегишли харажатларини қоплашга нисбатан татбиқ этилади.
Инфратузилмани ташкил этиш бўйича харажатлар, ташкилотнинг янги лойиҳаларини ишлаб чиқариш фаолияти учун зарур шарт-шароитларни яратиб берадиган, ташқи муҳандислик-коммуникация тармоқларини (ичимлик сув, оқова сув тармоқлари, табиий газ ва электр энергияси) тасдиқланган лойиҳа-смета ҳужжатларига мувофиқ қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишлари қоплаб берилади.
Техник-иқтисодий асосланиш — янги лойиҳанинг умумий энг кўп миқдордаги қийматини ва молиялаштириш эҳтиёжи ҳажмини кўриб чиқилган, молиялаштиришнинг дастлабки шартлари ҳисобга олинган ҳолда белгилаб берувчи муқобил вариантларни ўрганиш асосида лойиҳани амалга оширишнинг энг самарали техник-технологик ва ташкилий ечимини танлашни асослаб берувчи, шунингдек, маҳсулотга бренд жалб қилиш бўйича лойиҳа ҳужжати бўлиши керак.
Хорижий эксперт — олий маълумотли, портфолио ҳамда озиқ-овқат ишлаб чиқариш тизимида камида беш йил иш тажрибасига эга бўлган чет эл фуқароси бўлиши керак.
Мазкур субсидия ҳар бир лойиҳа доирасида:
а) озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича янги ташкил этилаётган истиқболли лойиҳаларнинг техник-иқтисодий асосланишини тайёрлаш билан боғлиқ харажатларнинг 50 фоизи миқдорида, лекин ҳар бир лойиҳа учун 100 млн сўмдан кўп бўлмаган миқдорда;
б) озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича янги ташкил этилаётган истиқболли лойиҳаларнинг инфратузилмасини яратиш билан боғлиқ харажатларнинг 50 фоизини, лекин ҳар бир лойиҳа учун 100 млн сўмдан кўп бўлмаган миқдорда;
в) озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш ва чуқур қайта ишлаш соҳасига хорижий экспертларни жалб қилиш билан боғлиқ харажатларнинг 50 фоизини, лекин ҳар бир лойиҳа учун 50 млн сўмдан кўп бўлмаган миқдорда;
ҳаммаси бўлиб 250 млн сўмдан кўп бўлмаган миқдоргача ажратилиши мумкин.