Фермерларга истеъмол қилинган электр энергия қиймати қопланади
12.01.2024 | 18:24
1482
“Пахта хом ашёси ва бошоқли дон етиштирувчиларнинг насос агрегатлари ва суғориш қудуқлари истеъмол қиладиган электр энергияси қийматини қоплаш” хизмати жорий қилинди.
Фермерларга истеъмол қилинган электр энергия қиймати қопланади

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 5 январдаги ПҚ-5-сон қарори билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 3 майдаги 320-сон қарорига тегишли ўзгартириш ва қўшимчлар киритилди. Мазкур қарорга мувофиқ “Агросубсидия” ахборот тизимида “Пахта хом ашёси ва бошоқли дон етиштирувчиларнинг насос агрегатлари ва суғориш қудуқлари истеъмол қиладиган электр энергияси қийматини қоплаш” хизмати жорий қилинди.

Субсидия истеъмолчиларга:

  • Пахта хом ашёси ва ғалла экинларини мавжуд томчилатиб, ёмғирлатиб ёки дискрет суғориш тизимларидан фойдаланган ҳолда суғоришда истеъмол қилинган электр энергияси қийматининг 100 фоизи;
  • Пахта ва ғалла майдонларини сувни тежайдиган суғориш технологиясидан фойдаланмаган ҳолда суғоришда истеъмол қилинган электр энергияси қийматининг 50 фоизи миқдорида ажратилади.

Субсидия учун аризалар дастлаб туман ишчи гуруҳи сўнгра Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (Энергетика вазирлиги ва Сув хўжалиги вазирлиги билан келишилган ҳолда) томонидан кўриб чиқилади ва тегишли хулоса асосида субсидия маблағлари ажратилади.