Қорамол,қўй ва эчки импортига субсидия хизмати жорий қилинди
27.02.2024 | 18:47
633
“Агросубсидия” ахборот тизимида “Импорт қилинган наслдор қорамол, қўй ва эчкилар учун субсидия” хизмати ишга туширилди.
Қорамол,қўй ва эчки импортига субсидия хизмати жорий қилинди

Вазирлар Маҳкамасининг “Чорвачилик хўжаликларига хорижий давлатлардан импорт қилинган наслдор қорамол, қўй ва эчкилар учун субсидия ажратиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида” 2024 йил 26 январдаги 52-сон қарорига мувофиқ “Агросубсидия” ахборот тизимида “Импорт қилинган наслдор қорамол, қўй ва эчкилар учун субсидия” хизмати ишга туширилди.

“Чорвачилик хўжаликларига хорижий давлатлардан импорт қилинган наслдор қорамол, қўй ва эчкилар учун субсидия ажратиш тартиби тўғрисида”ги низомга кўра субсидия хорижий давлатлардан наслдор қорамол, қўй ва эчкиларни олиб кирувчи ташкилотларга ажратилади. Субсидия олиш учун ариза дастлаб туман ва вилоят комиссиялари томонидан сўнгра Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси ҳамда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан кўриб чиқилади.

Чорвачилик хўжаликларига 2023 йил 1 сентябрдан бошлаб 2025 йил 31 декабрга қадар давлат томонидан хорижий давлатлардан импорт қилинган наслдор қорамолнинг ҳар бир бошига 2 млн сўм, наслдор қўй ва эчкининг ҳар бир бошига 400 минг сўм миқдорда субсидия ажратилади.