Вазирлар Маҳкамасининг “Қишлоқ хўжалиги ерлари унумдорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2024 йил 20 февралдаги 97-сон қарорига мувофиқ “Агросубсидия” АТда “Республиканинг 13 та туманидаги ердан фойдаланувчиларга пахта майдонларида тупроқ унумдорлиги ва ҳосилдорликни ошириш бўйича агротехника тадбирлари учун субсидия” олиш учун ариза юбориш имконияти яратилди.
Ариза дастлаб Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг тегишли ҳудудий бўлинмаси, сўнгра Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари , Тупроқшунослик ва агрокимёвий тадқиқотлар институти, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Пахтачилик кенгаши ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан кўриб чиқилади. Ердан фойдаланувчилар субсидия олиш учун 2024 йил 1 июлга қадар “Агросубсидия” АТ орқали мурожаат қилади.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Давлат бюджетидан ажратиладиган субсидиянинг дастлабки 70 фоизини 2024 йил 20 сентябрга қадар қуйидаги тақсимотга кўра ташкилотларнинг ҳисобварақларига ўтказиб беради:
60 фоизини — ердан фойдаланувчиларга;
5 фоизини — Пахтачилик кенгашига;
4 фоизини — Тупроқшунослик ва агрокимёвий тадқиқотлар институтига;
1 фоизини — «Агросаноатни ривожлантириш маркази» МЧЖга.
Бунда ердан фойдаланувчилар учун ундирувга йўл қўйилмайдиган махсус мақсадли ҳисобварақлар очилади. субсидиянинг қолган 30 фоизи 2025 йил 20 декабрга қадар ердан фойдаланувчиларнинг ҳисобварағига ўтказилади.
Хизматга ҳавола: https://old.agrosubsidiya.uz/uz/service/view/76